SIRDARYO VILOYATIDA “I- XALQARO INVESTITSIYA FORUMI”

Hududlarga toʻgʻridan-toʻgʻri xorijiy investitsiyalarni jalb qilish, mamlakatimizda iqtisodiyotning ochiqligini taʼminlash va qulay investitsiya muhitini...

            Ҳудудларга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш, мамлакатимизда иқтисодиётнинг очиқлигини таъминлаш ва қулай инвестиция муҳитини яратиш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, шунингдек, хорижий давлатларнинг бизнес ҳамжамияти ва халқаро ташкилотлар вакилларини ҳудудларда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун мавжуд салоҳият ва имкониятлар билан таништириш мақсадида жорий йилнинг 22 август куни Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрида I Халқаро инвестиция форуми Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Сирдарё вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда ташкил қилинди.

Бугун Cирдарё тарихида ёрқин из қолдирадиган ушбу нуфузли
I Халқаро Инвестиция Форумида хорижий давлатларнинг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчилари, дипломатик корпус ҳамда Ҳукумат вакиллари, шунингдек, 200 дан ортиқ хорижий компания раҳбарлари иштирок этмоқда.

Мазкур Форумни Сирдарё вилоятида ўтказишдан асосий мақсад – Ўзбекистонни жаҳон ҳамжамиятига чуқур интеграциялашувини таъминлаш, хорижий давлатлар билан савдо-иқтисодий ва ижтимоий-гуманитар соҳаларда ҳамкорлик қилиш, вилоятнинг иқтисодий салоҳияти, яратилган шарт-шароитлар ва мавжуд имкониятлар тўғрисида хорижий ҳамкорларга маълумотлар бериш ҳамда иқтисодиётимизнинг шаффофлигини таъминлашдир.

Сирдарё вилояти Ўзбекистон Республикасининг марказида жойлашган бўлиб, мамлакатнинг Шарқий ва Ғарбий вилоятларини бир-бири билан боғлаб туради. Сирдарё вилояти пойтахтга яқинлиги, Қозоғистон ва Тожикистон Республикалари билан чегарадошлиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳамда қайта ишлаш учун хом ашё базасининг етарли эканлиги, саноат ривожланиши, меҳнат ресурслари билан таъминланганлиги, инфра-тузилма объектларининг мавжудлиги билан бошқа вилоятлардан ажралиб туради.

Бугунги кунда вилоятда 11 та маъмурий ҳудуд мавжуд бўлиб, вилоят 3 та шаҳар ва 8 та тумандан иборат. Вилоят аҳолиси кўп миллатли бўлиб, 840 мингга яқин киши истиқомат қилади.

Сирдарё вилоятида бугунги кунда 138 та хорижий ҳамкорлар иштирокидаги корхоналар ўз фаолиятини олиб бормоқда.

Сўнгги вақтларда, Сирдарё вилоятида ўзининг бизнесини йўлга қўйиш истагида бўлган бундай хорижий ва маҳаллий тадбиркорлар миқдори ошиб бормоқда. Жумладан, Хитой, Россия, Италия, Жанубий Корея, Беларусь, Қозоғистон, Афғонистон, Бирлашган Араб Амирлиги, Ҳиндистон, Эрон ва бошқа давлатларнинг компания вакиллари ташриф буюриб, турли соҳаларда ўз бизнесини йўлга қўйиш бўйича келишувларга эришилган.

Шунингдек, жорий йилда вилоят делегацияси Хитой, Италия, Ҳиндистон ва Беларусь давлатлатларига ташриф буюриб, қарийб
100 млн. долларлик лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишув битимларини имзолади.

Сирдарё вилоятининг ички имкониятлари ҳамда инвесторлар учун жозибадорлигини оширувчи устувор йўналишлари:

биринчидан, қишлоқ хўжалигида инновацион ёндашувларни ишга солиш – пахтачилик кластери, замонавий гидропоник иссиқхоналар, интенсив боғлар, логистика марказларини қуриш, шунингдек чорвачилик, балиқчилик ва паррандачилик кластерларини ташкил қилиш;

иккинчидан, саноат соҳаси, шу жумладан енгил саноат, ипакчилик, озиқ-овқат, фармацевтика, кимё саноати ва шу билан бирга муқобил энергия манбаларидан фойдаланишни ривожлантариш;

учинчидан, туризм, шу жумладан янги мехмонхоналар, кўнгилочар марказлар ва бошқа туризм инфра-тузилмаларини ривожлантириш.

тўртинчидан, технопарклар ва хорижнинг етакчи олий ўқув юртларининг филиалларини ташкил қилиш, хусусий тиббиёт ҳамда ахборот коммуникация технологияларини ривожлантиришдан иборатдир.

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, вилоят иқтисодиётини ривожлантириш учун Давлат томонидан истисно тариқасида тақдим қилинаётган имтиёз ва преференциялар мавжуд. Охирги икки ярим йил давомида Сирдарё вилоятида тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш учун Давлатимиз раҳбари томонидан кўплаб имтиёз ва қулайликлар тақдим этилган.

Жумладан, Сирдарё вилоятида “Сирдарё” эркин иқтисодий зонаси фаолият юритаётган бўлиб, ушбу зонага киритиладиган инвестициялар ҳажмидан келиб чиққан ҳолда иштирокчилар учун 3 йилдан 10 йилгача бўлган муддатларга солиқ ва божхона имтиёзлари берилган.

Бундан ташқари, вилоятнинг Ховос тумани ҳудудида ҳам кичик саноат зонаси ташкил қилинган бўлиб, ушбу зонадаги бўш турган давлат бино ва иншоотлари тадбиркорларга кейинчалик хусусийлаштириш шарти билан 5 йил муддатга ижарага берилади.

Сирдарё вилоятининг ички имкониятлари ҳамда мавжуд салоҳиятидан келиб чиққан ҳолда ҳамда форум иштирокчиларига янги лойиҳа таклифлари ҳақида тўлиқ маълумотлар бериш мақсадида инвестицион форум 3 та устувор йўналишлар бўйича секцияларга бўлган ҳолда олиб борилади.

Сирдарё воҳаси хорижий инвесторлар учун биринчи марта ўз эшикларини кенг очмоқда. Мазкур Форум ўтказиш учун узоқ тайёргарлик кўрилди – охирги икки ярим йил давомида мамлакатимизда инвестициялар борасидаги қонунчилик такомиллаштирилиб, хорижий инвесторларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясига олинди, инфратузилма яхшиланди, Сирдарё вилояти учун алоҳида имтиёзлар тизими жорий қилинди, ҳар бир соҳа бўйича инвестицион лойиҳа таклифлари ишлаб чиқилди

Сирдарёга ташриф буюрган бизнес оламининг ҳар бир вакили яхши тушуниб турибдики, бугун Сирдарёга инвестиция киритишнинг айни вақти келди.

Ушбу ўтказилаётган форумда 200 млн доллардан ошиқ инвестицион ва экспорт шартномаларини имзоланиши кутилмоқда.

Шунингдек, 22 август куни Гулистон шаҳридаги Марказий юрт байроғи майдонида баландлиги 65 метр бўлган Юрт байроғи рамзий кўтарилади ҳамда Форум доирасида чет элдан ташриф буюрувчи инвесторларга миллий анъаналаримизни намойиш этиш мақсадида вилоят ташкилотлари ва туман, шаҳар ҳокимликлари ўртасида “Гуллар фестивали”, “Қушлар кўргазмаси” ва “Қовун сайли” каби кўрик танловлар ўтказилади.

Сирдарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати.

Боғланиш учун телефон 90-901-85-21